Ўзбекистонда яратилаётган иш ўринларининг ҳаққонийлигини текшириш тизими кучайтирилади, деди бош вазир ўринбосари. Ҳар битта маҳалла банкирига тўртта маҳалла бириктирилади. Ҳоким ёрдамчилари ишини «жонлантириш ва янги туртки бериш» мақсадида томорқаларда ишларни ташкил этиш вазифаси юклатилади.
Президент 2025 йилда иқтисодий ўсиш суръатини камида 6 фоиз даражасида сақлаб қолиш ва ЯИМ ҳажмини 125 млрд доллардан ошириш вазифасини қўйди. Раҳбарларга энергия самарадорлиги ҳисобига харажатларни 15−20 фоизгача қисқартириш ва қўшилган қийматни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Ўзбекистонда «жуда кам» кенгашлар айрим солиқлар бўйича оширувчи ва пасайтирувчи коэффициентларни қўллаш ваколатларидан амалда фойдаланмоқда, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. У кенгашларни Тошкентдан кўрсатма кутмасдан, фаол бўлишга чақирди.
Ҳукумат тарифлар бу йил оширилгани ва апрелда яна оширилиши кутилаётганига қарамай, 2025−2027 йилларда газ ва электр энергиясини субсидиялашда давом этади. Бу 2028 йилга борибгина тўхтатилиши режалаштирилмоқда. Бош вазир ўринбосари энергоислоҳот нима билан якунланиши кераклигини тушунтирди.
Депутат Қизилгул Қосимова таълим ва тиббиёт ходимларининг маоши пастлиги ушбу соҳалардаги хизматлар сифатига таъсири қилишидан хавотир билдирди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бу масала ҳамон мураккаблигича қолаётганини таъкидлади.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров экспортёрларга фойда ва айланмадан солиқ бўйича берилган имтиёзлар 2025 йилдан бекор қилинаётгани мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши билан боғлиқлигини қайд этди. «Ҳар бир тадбиркор адолатли, очиқ рақобат шароитида фаолият юритишни ўрганиши лозим», — деди у.
Президент сув хўжалигидаги насос станцияларида электр истеъмоли 8,3 млрддан 6,8 млрд кВт/соатга камайганини, лекин бу етарли эмаслигини таъкидлади. У хоразмлик фермерларнинг энергия тежаш борасидаги тажрибасини кенгайтириш, шунингдек, 2 та асосий насос станцияси учун тендер эълон қилишни топширди.
Президент фармони билан бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи» фахрий унвони берилди.
Ўзбекистонда электр энергияси улгуржи бозорига 2027 йилда, газ бозорига эса 2028 йилда тўлиқ ўтиш режалаштирилган, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. «Биз Ўзбекистон қазиб олиш бозорига кўпроқ компаниялар киришини истаймиз», — таъкидлади у.
2025 йилда электр энергияси ва газ тарифлари ислоҳотининг асосий босқичини якунлаш режалаштирилмоқда, деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров. Унинг сўзларига кўра, бу ҳам аҳоли, ҳам корхоналар томонидан энергия ресурсларидан рационал фойдаланилишига хизмат қилади.
Президент Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши ва бу борада «жуда катта» «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури тайёрланаётганини айтди. Жамшид Қўчқоровнинг тизими оилаларни камбағалликдан олиб чиқишга масъул этиб белгиланди.
2024 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи олти ой ичида 2,1 млрд долларга кўпайиб, 37 млрд доллардан ошди. Кредитлар асосан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган.
Биринчи яримйилликда Ўзбекистон 5,2 млрд куб метр — ўтган йил олти ойига нисбатан қарийб 2,3 баробар кўп газ импорт қилди. Газ 1000 куб метри учун 160 доллардан олиб келинмоқда. Солиқ қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари билвосита солиқлар (акциз, ҚҚС) улушининг камайишини газ билан боғлади.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров президентга вилоят ва туманлардаги саноат билан «корхонабай» ишлаш бошлангани, уларга айланма маблағ, электр ва газ таъминоти, солиқ масалалари бўйича кўмаклашилаётгани ҳақида ҳисобот берди. Президент корхоналарга масъулларни бириктириш бўйича топшириқ берди.
Қатор ҳудудлар аҳолиси газ билан таъминланмаган ва қишда электрдан иситиш учун фойдаланишга мажбур бўлмоқда, деди депутат Дониёр Ғаниев. У ҳукуматдан қишки давр учун ижтимоий нормани (ҳозир ойига 200 кВт/соат) оширишни сўради. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров масалани ўрганишга ваъда берди.
ИМВ ва Жаҳон банки ўртасида «Рақамли инклюзивлик» лойиҳасини амалга ошириш учун 50 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш тўғрисида битим имзоланди. Жаҳон банкининг кредити мамлакат қишлоқларидаги минглаб ёшларнинг IT кўникмаларига эга бўлиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётга қарши курашни бошлашини айтди. Қонун ва қоидаларни бузган тадбиркорлар тартибга чақирилади. У буни «ортга қайтиш» сифатида кўрмаслик кераклигини, «Президент жамоасида бу ҳақда ўйлайдиган одамлар ишламаслигини» таъкидлади.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукумат «Ўзсаноатқурилишбанк» хусусийлаштирилишини тезлаштириш устида ишлаётганини, май ойида «Асакабанк»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича ЕТТБ билан келишув имзоланиши режа қилинганини билдирди. Шунингдек, Ислом молияси бўйича ишлар кўлами кенгаяди.
2024 йилги давлат бюджетидан ҳар бир етим болага сотиб олинадиган бир хонали квартира учун 137,5 млн сўм ажратилиши белгиланган. Сенатор бу пулга ҳатто чекка ҳудудларда ҳам квартира топиш қийинлигини айтди. Вазир Жамшид Қўшқоров бу масала кўриб чиқилиб, ўзгартириш киритилишини таъкидлади.
Қурилиш соҳасида иш ўринларини қонунийлаштириш учун 1 апрелдан айрим объектларни қуриш учун зарур бўлган ишчилар сони меъёрини жорий этиш режалаштирилмоқда, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. Унга кўра, бу биринчи босқичда давлат бюджетидан молиялаштириладиган қурилишларга қўлланилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг